XONQA DON MAHSULOTLARI

Депутатлар долзарб масалалар ечимини изламоқда

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йилда бир тонна ғалланинг харид нархи 1 миллион 200 минг сўм миқдорида белгиланди. Ҳосилдорликдан келиб чиқиб 25 фоизгача устама ҳақ тўланиши йўлга қўйилди. Шу туфайли мамлакатимиз бўйича 31059 фермер хўжалигига 688 миллиард 545 миллион сўм устама ҳисобланди.
 
Бир сўз билан айтганда, фермер хўжаликларининг моддий манфаатдорлиги ошиб, ҳосилдорлик ўсди ва фермерлар биринчи марта ўз меҳнати самарасини кўрди. Ўртача ҳосилдорлик гектарига 65 центнерни ташкил этди.
 
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлари гуруҳи бу каби ютуқларни эътироф этишдан мамнун, аммо улар ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларининг молиявий барқарорлигини таъминлашдаги айрим муаммоларга ҳам беэътибор эмас.
 
Шу боис Экоҳаракат депутатлари Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Раёсатининг Ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш юзасидан Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш ўтказди.
 
Унда таъкидланишича, ҳақиқатдан ҳам бугунги кунда фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган ғалла бозор нархларига нисбатан паст нархларда харид қилинмоқда. Оқибатда фермер хўжаликларининг ҳосилдорликни ошириш, қўшимча даромад олиш учун ўз маблағларини йўналтириш ва ғалла етиштириш ҳажмини кўпайтиришга манфаатдорлиги пасайиб, харажатлар фақат давлат томонидан ажратилган имтиёзли кредитлар доирасида амалга оширилаяпти.
 
Масала нечоғлик жиддий эканига яна бир исбот: дон корхоналарининг ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларидан 702 миллиард сўм миқдордаги қарздорлиги вужудга келган. Қарздорлик ўз вақтида бартараф этилмаяпти. Натижада фермер хўжаликлари томонидан белгиланган агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш имкониятлари чекланяпти. Бунинг ортидан қатор фермер хўжаликлари иқтисодий қийин аҳволга тушиб қолмоқда.
 
Депутатлик гуруҳи аъзолари фермер хўжаликлари томонидан етиштирган ғалла бозор нархларида харид қилиниши улар учун кучли рағбатлантирувчи омил бўлади, деб ҳисоблайди.
 
Бу борада Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ҳам шундай позицияда. Фракция йиғилишида депутат Шуҳрат Якубов шундай фикрларни билдирди:
 
– Фермер хўжаликларининг ғалла етиштиришдан моддий манфаатдорлигини ошириш зарур. Уларнинг ўз меҳнатига яраша даромад олишига эришиш ўз навбатида ғалла етиштириш ҳажмини кўпайтиришга ҳам хизмат қилади.
 
Фракция аъзоларининг нуқтаи назарига кўра, қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан етиштириладиган дон, ун, қолипли нон ва бошқа маҳсулотларни сотиш, сотиб олиш, шунингдек, ушбу маҳсулотларга нарх белгилашнинг амалдаги механизмини қайта кўриб чиқиш лозим.
 
“Адолат” СДП фракциясининг аъзолари масаланинг яна бир нозик ва айни пайтда муҳим жиҳатига алоҳида эътибор қаратди. Фракция аъзолари қайд этишича, дон, ун ва нон маҳсулотлари нархлари эркинлаштирилиши натижасида аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларини қўшимча харажатлар билан таъминлаш чоралари кўриш ҳар томонлама аҳамиятли.
 
Сўнгги пайтда шифокорларнинг ўз касбий мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилиш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказиш ҳолатлари тез-тез содир бўлаяпти. Бунга “Адолат” СДП фракцияси муносабати қандай? У ўз электорати саналган тиббиёт ходимларини бундай нохуш ҳолатлардан қандай ҳимоя қилмоқчи?
 
Йиғилишда бу масалага ҳам ойдинлик киритилди. Фракция аъзолари билдиришича, Ички ишлар, Мажбурий ижро бюроси ёки бошқа давлат ҳокимияти органлари ходимларига тажовуз қилган шахс жавобгарликка тортилганида унга нисбатан оғирроқ жазо чоралари қўлланилаяпти. Халқимиз саломатлиги йўлида ўз хизмат вазифаларини бажараётган тиббиёт ходимларига тажовуз қилган шахсларга эса нисбатан енгилроқ жазо чоралари белгиланмоқда.
 
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси депутатлари Шуҳрат Якубов ва Қодир Жўраев бу вазиятга қонуний ечим топиш ташаббускори бўлди. Яъни, “Тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ касбий фаолиятини амалга ошираётган тиббиёт ходимларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
 
Маълумот берилишича, қонун лойиҳасида ўз хизмат вазифасини олиб бораётган тиббиёт ходимларига тажовуз қилган шахсларга нисбатан амалдаги қонун ҳужжатларига маъмурий ва жиноий жавобгарликни кучайтиришга қаратилган нормалар киритилмоқда. Шунингдек, ўз хизмат вазифасини олиб бораётган тиббиёт ходимига нисбатан тажовуз қилиш ва бундай вазифани амалга оширмаётган шифокорларга тажовуз қилишнинг фарқланишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Лойиҳага тиббиёт ходимларига нисбатан тажовуз қилишга қарши профилактик чораларни кўриш мақсадида киритилаётган нормалар ҳуқуқбузарнинг ўзи томонидан ҳам, бошқа шахслар томонидан ҳам шу каби ҳолатлар содир этилишининг олдини олишга йўналтирилган. Бу каби тамойиллар “Адолат” СДП мақсад ва ғояларига мосдир. Жумладан, соғлиқни сақлаш ходимларининг касбий фаолият олиб боришлари учун етарли шароитлар яратиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш орқали сифатли тиббий хизмат кўрсатилишига эришиш партиянинг устувор вазифасидир.
 
Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг Раёсати томонидан ғалла етиштирувчи фермер хўжаликларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш юзасидан Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасидан келиб чиқиб “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари ҳам жойларда ўрганиш олиб борди.
 
Хусусан, Бухоро вилоятида олиб борилган ўрганишлар кўрсатишича, жорий йилда фермер хўжаликлари томонидан 61600 гектар майдонга ғалла экилган бўлиб, ўртача 58 центнердан 357 минг тонна ҳосил олинган. Вилоятда 2018 йилда бир тонна доннинг таннархи 750 минг сўмни ташкил этган бўлса, бу йилги нарх 195 минг сўмга ошиб, 945 минг сўмга етган. Ҳисоб-китобларга кўра, маҳаллий фермерлар 2018 йилга нисбатан 151 миллиард 81 миллион сўм кўпроқ соф фойда олишга муваффақ бўлган.
 
Лекин дон корхоналарида ун маҳсулотларини ишлаб чиқаришда ва сотишда бозор иқтисодиёти механизмлари йўлга қўйилмагани маълум бўлди. Бундай омиллар фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштирувчиларда ҳақли эътирозга сабаб бўлмоқда. Хўш, аҳвол яхшиланиши учун нима қилиш керак? Қандай мақбул йўл бор?
 
“Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари мамлакатимизда ғаллага харид нархини белгилаш амалиётидан босқичма-босқич воз кечиб, бозорда шаклланган талаб ва таклиф асосида эркин нархларда сотиш тизимини шакллантириш зарур, деган фикрни илгари сурди. Фақатгина ушбу жараёнга шошма-шошарлик билан эмас, босқичма-босқич тарзда ўтиш ва юзага келиши мумкин бўлган барча хавф-хатарларни эътиборга олиш керак, бунинг учун соҳада ривожланган давлатларнинг ижобий тажрибасини ҳар томонлама таҳлил қилган ҳолда ўрганиш мақсадга мувофиқ, деган хулосага келинди.
 

 

2 823
Феруза МИРЗАКОМИЛОВА, ЎзА